Ўзбекистон республикасининг журналистлик фоалиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунига кўра, журналистнинг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат.
Журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида:
- ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш;
- ахборот олиш учун давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат этиш;
- давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни истисно этган ҳолда ҳужжатлар, материаллар ва ахборотдан фойдалана олиш;
- журналист текшируви ўтказиш;
- ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни оммавий ахборот воситалари орқали имзосини ёки тахаллусини қўйиб тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаш;
- давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида ҳозир бўлиш;
- журналистлик фаолиятини амалга ошириш юзасидан мансабдор шахс қабулида бўлиш;
- маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш;
- судларнинг очиқ мажлисларида, ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;
- эълон қилишга тайёрланган маълумотларни текшириш учун мутахассисларга мурожаат қилиш;
- башарти қонунни бузишга олиб келадиган бўлса, оммавий ахборот воситаси томонидан берилган топшириқни бажаришни рад этиш;
- ўзи тайёрлаган хабар ёки материалнинг мазмуни таҳрир жараёнида бузилган деган фикрга келса, унга имзо қўймаслик ёхуд уни нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб этиш;
- ахборот манбаи ёки муаллифнинг номи сир сақланишини талаб қилиш;
- тақдим этган хабарининг мазмунини оммавий ахборот воситаси бузиб эълон қилиши оқибатида ўзига етказилган маънавий зарар ва моддий зиён қопланишини суд орқали талаб қилиш;
- жамоат бирлашмаларига, шу жумладан журналистларнинг халқаро ташкилотларига кириш ҳуқуқларига эга.
Журналист ўзига қонунчилик билан берилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.