Ижтимоий тармоқларда Амударё туманида қурилаётган кўприк қулаб тушгани акс этган суратл тарқалди. Ҳолат юзасидан Амударё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифи давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини боғловчи Амударё дарёси устига автомобиль ва темир йўл қўшма кўпригини қуриш ишлари бошланган эди.
Янги кўприк қурилиши лойиҳасига буюртмачи этиб «O‘zbekiston temir yo‘llari» АЖ, Бош лойиҳачи этиб — «Boshtransloyiha» АЖ, Бош пудратчи этиб — «O‘zbekiston temir yo‘llari» АЖнинг таркибий бўлинмалари белгиланган.
Амударё тумани ҳудудидан Хоразм вилояти ҳудудига темир йўл транспорти тармоғини йўлга қўйиш мақсадида, Амударё тумани ҳудудининг шимолий қисмидан ўтувчи А-380 «G‘uzor-Buxoro-Nukus-Beynev» автомобиль йўлининг 717-718-км оралиғидан осма кўприк тарзда ўтказилган.
Ушбу кўприкка 14-сонли кўприк қурилиш отряди томонидан вақтинчалик таянч балкалар ўрнатилган эди. 23 март куни эрталаб ушбу кўприкнинг вақтинчалик таянч иккита балкаси номаълум сабабларга кўра қулаб тушган.
Мазкур балкалар вақтинча ўрнатилган бўлиб, кўприк қурилишида вақтинчалик вазифа бажарувчи, ёрдамчи восита ҳисобланади. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.
Ҳозирда ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридан тегишли мутахассислар ва лаборатория ходимлари чақирилган, дейилади хабарда.