Президент Шавкат Мирзиёев 24 март куни давлат мулкини хусусийлаштириш ишларининг ижроси ва бу борада жорий йилги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Хусусийлаштириш – иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириб, мулкдорлар кўпайишига йўл очади. Шу мақсадда юртимизда бу соҳада катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган ўн йилда 1,2 триллион сўмлик давлат активлари сотилган бўлса, 2022 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 11,3 триллион сўмга етди. Яъни, сўнгги бир йилда ўн йил давомида қилинган ишлардан 10 карра кўп натижага эришилди.
Хусусийлашган мулклар самарадорлиги ҳам ошмоқда. Мисол учун, узоқ йиллар ишламаган Андижон тажриба синов заводи негизида 18 миллион доллар инвестиция ҳисобига тўқимачилик корхонаси ташкил этилиб, мингта иш ўрни яратилган, 40 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Қўқон суперфосфат заводини хорижий инвестор олиб, 40 миллион доллар инвестиция киритган, ишлаб чиқариш ҳажмини 4 бараварга оширган. «Ипотека банк» 324 миллион долларга ва «Кока-кола» компаниясидаги давлат улуши 252 миллион долларга сотилгани ҳам охирги йиллардаги энг йирик битимлар бўлди.
Бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам бир маромда кетмаяпти. Масалан, Тошкент вилоятида 112 та объект сотилиб, уларнинг негизида 150 та тадбиркорлик субъекти ва мингдан зиёд янги иш ўрни пайдо бўлган. Лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарёда ўтган йили савдога чиқарилган мулкларнинг 30 фоизи ҳам сотилмаган. Тармоқлар кесимида айтганда, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси таркибидаги мулкларнинг хусусийлаштирилиши суст.
Умуман, жорий йил бошида 30 мингдан ортиқ давлат объектида ўтказилган хатлов бу борада ишлар ҳали кўплигини кўрсатган.
Шу боис бугун давлатимиз раҳбарининг қарори билан хусусийлаштириш дастури тасдиқланди. Унда учта йўналишда – акция, кўчмас мулк ва IPO бўйича хусусийлаштириш режалари белгиланган.
Биринчидан, 1 мингта корхонадаги давлат акция пакетлари сотувга чиқарилади.
Иккинчидан, 1 мингта кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга қўйилади. Уларда 600 гектар ер ва 1 миллион квадрат метрли бино-иншоотлар мавжуд. Энг муҳими, инфратузилма билан таъминланган ва аҳоли пунктларига яқин.
Ушбу объектларни сотишни тезлаштириш учун мулкларни сотишга тайёрлаш муддати ҳозирги 80 кундан 48 кунга қисқартирилади. 2 минг квадрат метргача бўлган объектларни тадбиркорларнинг мурожаати асосида тўғридан-тўғри савдога чиқаришга рухсат берилади.
Учинчидан, 40 та йирик корхона ва банклардаги давлат улуши «халқчил IPO» орқали сотилади. Жумладан, илк бор Навоий ва Олмалиқ комбинатлари, Металлургия комбинати, «Ўзтелеком», Миллий банк, Саноатқурилишбанк каби йирик корхоналарнинг ўртача 2 фоиз акциялари аҳолига таклиф этилади. Бунда аҳолига акцияларни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконияти яратилади. Акциялари сотилган корхоналар беш йил давомида соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтиради.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур дастур самарасида жорий йилда 13 триллион сўм тушум таъминланади, 3 мингта янги корхона ташкил этиш ва 50 мингта иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади.
Йиғилишда ушбу вазифалар барча ҳудуд ва тармоқлар кесимида муҳокама қилинди. Мутасаддилар дастур ижросини таъминлаш бўйича ҳисобот берди.
Хусусийлаштириладиган давлат мулклари имкониятини аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тарғибот қилиш, ҳужжатларни расмийлаштиришда уларга кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди. Йирик давлат компанияларини капитал бозорига олиб чиқиш, инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.