Ўзбек олимлари саратонни 99 фоизгача даволаш имконини берувчи ПСМА-617 препаратини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон фанлар академияси Ядро физика институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов маълумот берди.
«Энг яхши натижаларимиздан бири сифатида 2022 йилнинг июнь ойида рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган янги радиофармацевтик векторли терапия воситасини мисол келтириш мумкин. Бу препарат саратон касаллигини даволашда ниҳоятда самарадор бўлган янги дори воситаси ҳисобланади. Бу дори воситасининг битта дозаси ҳозирги кунда АҚШда 70 минг доллар, Европа мамлакатларида 25 минг доллар атрофида сотиляпти. Бизнинг институтимизда ушбу дорини республикамиздаги 3 та онкологик клиникага 1,5 доллар нарх билан етказиб бериш йўлга қўйилди», деди профессор.
Қайд қилинишича, бу дори 2018 йилдан бошлаб бир нечта чет давлатларда, ҳар бири ўзи яратган технология бўйича ишлаб чиқарилиб, тиббиётда қўлланилмоқда.
«Биз ўз технологиямиз бўйича мазкур дорини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ҳозирги кунда биз ишлаб чиқараётган «лютеций-177» номли изотоп дунёдаги бошқа ишлаб чиқарувчилар маҳсулотидан 10 баробар тоза ҳамда юқори сифатли радиоизотоп ҳисобланади», деди профессор.
Содиқовнинг таъкидлашича, бу дори 4-босқичдаги саратон касаллигининг 97-99 фоизгача тузалишини таъминлаяпти. Жаҳондаги тиббиётчилар революцион дорилар қаторига кирувчи бу препаратга «фантастик натижа», деб баҳо беришган.