Янги таҳрирдаги Конституциянинг 25-моддасида Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши ҳақидаги норма белгиланмоқда. Ушбу норма атрофида кўплаб баҳс ва мунозаралар кечмоқда.
Айрим юртдошларимиз Ўзбекистонда 2008 йилда ўлим жазоси бекор қилинган бўлса, нега Конституцияга ўлим жазоси ман этилишига оид норма киритилмоқда. Бунинг нимаси янгилик, деган фикрларни билдиришмоқда. Яна айримлари эса ўлим жазоси бекор қилинса жиноятчилик ошиб кетмайдими деган мазмунда фикр билдиришмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ўлим жазосининг ман этилишига оид норманинг киритилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига ҳурмат, хусусан инсоннинг энг олий ҳуқуқи – яшаш ҳуқуқини ҳар доим кафолатлаш бўйича давлатнинг қатъий позициясини англатади.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ўлим жазоси энг оғир жазо бўлишига қарамасдан жиноятларнинг содир этилишини тўхтатувчи самарали восита эмас. Кўплаб давлатларда ўлим жазоси амалда бўлсада, аммо жиноятчиликнинг камайишига сезиларли даражада таъсир қила олмаган. БМТнинг 2006 йилги ҳисоботи шуни кўрсатмоқдаки, ўлим жазоси амалда бўлган мамлакатларда ушбу жазога лойиқ жиноятлар кўпроқ содир этилган.
Статистик маълумотларга кўра, 2008 йилда, яъни ўлим жазоси расман бекор қилинган йили республикамиз миқёсида жами қасддан одам ўлдириш ва ўлдиришга суиқасд қилиш ҳолатлари сони 831 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда эса бу рақамлар 365 тани ташкил этмоқда.
Ўлим жазосини инкор қилувчилар судлардаги хатоликлар сабабли айбсиз шахсларнинг қатл этилганлигига оид кўплаб мисолларни келтиради. Судлардаги хатоликлар сабаб айбсиз шахснинг жавобгарликка тортилиш ҳолатлари ҳамма давлатларда учраб туради. Бизнинг мамлакатимизда ҳам 2016–2022 йилларда 4 740 нафар шахслар олқланганлиги фикримизнинг далилидир.