Аввалроқ, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани «Бойғули» МФЙ ҳудудида жойлашган 17-сонли мактабда Open Budget’да овоз йиғиш учун ўқувчилардан пул йиғилаётгани ҳақида видео тарқалди.
Ҳолатга вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди.
Мазкур ҳолат вилоят ҳокимининг топшириғига кўра, махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди. Ўқувчиларни Open Budget’га овоз йиғиш учун жалб қилиш бўйича топшириқ мактаб директори томонидан берилгани аниқланди.
Қайд этилишича, вазият мазкур мактабнинг филиалида содир бўлган. Филиалда 45 нафар бошланғич синф ўқувчиси таҳсил олади. Ўқувчиларни кампанияга жалб қилган синф раҳбарларига интизомий жазо берилди, мактаб директори Л.Усманова эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Мактаб филиали яқинда таъмирдан чиқарилган бўлиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Мактаб жамоаси ўз ташаббуси билан Open Budget кампаниясида қўшимча электрон доска, компьютер жиҳозлари олиш учун иштирок этган. Сўралган маблағ миқдори – 300 миллион сўм.
«Тошкент вилояти ҳокими, вилоят Таълим кенгаши раиси Зойир Мирзаев тегишли мутасаддиларга ушбу жиҳозларга эҳтиёж ҳақиқатда мавжудлигини ўрганиш, шундан сўнг, маҳаллий бюджет ҳисобидан мактабни сўралган жиҳозлар билан таъминлаш бўйича кўрсатма берди», — дейилади хабарда.