“Dok-1 Maks” бахтсиз ҳодисасига катта дозада ва тартибсиз истеъмол сабаб бўлган



Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳат кеча журналистлар билан ўтказган анъанавий йиллик матбуот анжуманида “Dok-1 Maks” билан боғлиқ кузатилган ўлим ҳолатларига ҳам тўхталиб ўтди.

Элчининг айтишича, 2022 йилнинг декабрь ойида Самарқандда болаларнинг бахтсиз ўлимига “Dok-1 Maks” препаратининг катта дозаларда тартибсиз равишда истеъмол қилингани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Айни пайтда Ҳиндистонда тергов ишлари давом этяпти. Ҳинд ишлаб чиқарувчиси “Marion Biotech” компаниясининг лицензияси бекор қилинган ва уч киши ҳисбга олинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситаси устида ўтказилган текширув натижаларида “Dok-1 Maks” сиропи таркибида заҳарли модда —этиленгликоль мавжудлиги аниқланганини эълон қилган эди. Бу Ҳиндистон томонида ўтказилган текширувларда ўз тасдиғини топдими?

Ушбу саволимга элчи жанобларининг жавоби қуйидагича бўлди:
— Биз Ўзбекистонда “Dok-1 Maks” препарати билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса юз берганидан жуда қайғудасиз. Вафот этган болаларнинг яқинларига таъзимни изҳор қиламан…

“Дори таркибида заҳарли модда борлиги аниқланди. Лекин ўз нуқтимда айтиб ўтганимдек, препаратнинг кўп истеъмол қилиниши ўлимга олиб келган, дея тахмин қилинмоқда. Ўзбекистон томони Ҳиндистондан ушбу дорининг лаборатория текшируви ва тест натижаларини тақдим этишни расман сўраган. Тест натижалари элчихонага ҳали тақдим этилгани йўқ, кутиляпти. Шуни айниқ айта оламанки, айбдорлар, албатта, жазоланади”, деди Маниш Прабҳат жаноблари. 

Элчининг қўшимча қилишларича, Ҳиндистон — жаҳон фармацевтика саноатининг юраги, ҳисобланади. Йилига 30 миллиард долларлик фармевтика маҳсулотлари экспорт қилинади. Ҳиндистон бундай бахтсиз ҳодисалар рўй бермаслигига жиддий эътибор қаратади ва Ўзбекистон билан ушбу йўналишда ҳамкорликни давом эттиради. Яқин кунларда ўтказилиши кутилаётган саломатлик форумида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масаласи кўриб чиқилиши режалаштирилган.