“Нон новвойда, калити осмонда” қабилидаги имтиёз

Юртимизда кўпгина ислоҳотлар хайрли мақсадларда бошланади, аммо йўлнинг ярмига етмай, иш тескарисига кетади. Гоҳида коррупция, гоҳ ура-ура, қарсакбозлик, гоҳида масъулларнинг масъулиятсизлиги сабаб хайрли ишнинг ҳам миси чиқади. Чуқур ўйламай, реал ҳаётга яқин бўлмаган қарашлар орқали қабул қилинган кўпгина қарорлар аҳолига фойда бериш ўрнига ё зарар келтирмоқда, ё ҳеч қандай самара бермаяпти.

Куни кеча президент раислигида ўтказилган озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселекторда қабул қилинган қарор ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар учун ишламаслиги, самара бермаслиги, катта эҳтимол билан, мумкин.

Видеоселекторда 1 майдан бошлаб, камбағал аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харидидаги қўшилган қиймат солиғи қайтарилиши маълум қилинди.

Ўзбекистонда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган аҳолига ёғ, тухум ва гўшт харидидан ҚҚС қайтариш орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратилиши айтиляпти.

Маълум бўлишича, 12 фоизлик кешбек тизими худди 1 фоизлик кешбек қайтариш йўсинида Солиқ иловаси орқали йўлга қўйилади. Бунинг учун “Солиқ” мобил иловасига алоҳида функция қўшилади. Ижтимоий реестрга киритилган фуқаро гўшт, ёғ, тухум харид қилганда чекни илова орқали сканер қилади. Унда қанча имтиёзли ҚҚС суммаси бўлса, автоматик ҳисобланиб, унга маблағ қайтарилади.

Харид чекини олиш имкони мавжудми?

12 фоизлик ҚҚСни олиш харид чекига боғлаб қўйилмоқда. Энди бир нарсага ойдинлик киритсак, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам гўшт ва ёғни қаердан олади? Асосан бозорлардан, супермаркетларга кириш ҳолати шаҳарларда баъзи ҳолларда учраб туриши мумкин.

Харид чеки олиш бозорларда қай даражада имконли? Ҳали пластик билан тўлиқ савдо қилиш имкони бўлмаган бозорлардан харид чеки кутиш туянинг думи ерга тегишини кутишдай гап. Умуман харид чеки бўлмаган одам имтиёздан фойдалана олмайдими?

Чек бор ҳам дейлик…

Шу имтиёздан фойдаланаман деб чек олинди ҳам дейлик. Энди солиқ иловасини юклаб олиш учун ресурс етарлича бўладими? Кам таъминланган оилаларнинг неча фоизида смартфонлар мавжуд? Рўзғорлик бўйнида бўлган аксарият оила бошлари сенсорсиз, камера сифати паст бўлган телефон ишлатиши кўпчиликка маълум.

Қолаверса, мобил иловани ишлатиш учун интернет трафик лозим. Неча фоиз ижтимоий реестрдаги оила интернет трафик сотиб олади?

ҚҚС билан қанча фойда қилиш мумкин?

Чек бор, смартфон ҳам, интернет трафик ҳам мавжуд. Шундай шароитда ҚҚС билан бир ойда қанча фойда қилиш мумкин?

Аввало кам таъминланган оила бир ойда қанча гўшту, қанча ёғ сотиб олишини аниқласак. Ҳозирча бу борада аниқ статистика йўқ. Камбағалликни белгилаш учун қўлланадиган амалдаги минимал истеъмол харажатлари миқдори 498 минг сўм эканини инобатга олсак, расмийларга кўра, шунинг 67 фоизи (334 минг) озиқ-овқатга сарфланади.

Ойига икки килограмм гўшт, уч литр ёғ, 30 дона тухум олинган тақдирда, тахминий ҳисоб-китобга кўра, учта маҳсулот учун ойига 253 минг сўм сарф қилиниб, 21 минг сўм ҚҚС қайтариб олиш мумкин.

Ойига икки килограмм гўшт бу энг оптимал қараш, ойлаб қозони гўшт кўрмаган оилалар йўқ дейсизми? Чекка қишлоқларда-чи? У ерларда уйида товуғи бор одам бозордан тухум олмайди. Хонадонларда 1 ойликка мол сўйилиб, гўшт сотилиши ҳақида эшитгандирсиз. Сотиб олиш мумкин бўлган бир ёғ қолдими?

Эсингизда бўлса…

1 фоизлик кешбек қайтариш амалиётида чеклардаги маълумотларни нотўғри кўрсатиш, ҚР-кодли чекларни бермаслик, бошқа шахсларнинг чеклари ҳисобига кешбекка эга бўлиш каби истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол қилувчи ҳолатлар кузатилган. Савдо ходимлари томонидан онлайн-НКМ чекларининг нусхасини чоп этган ҳолда харидордан аввалроқ рўйхатдан ўтказиш ҳолати кўп учраган.

2022 йилда Солиқ қўмитаси 15 900та чек учун кешбек бекор бўлганини маълум қилган эди. Чеклар таҳлил қилинганда, айрим техник хизмат кўрсатиш маркази (ТХКМ) ходимлари кешбекка эга бўлиш мақсадида вазифаларини суиистеъмол қилиб, ўзгалар томонидан амалга оширилган харид учун шаклланган чекларни ўз номидан рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, 3 нафар ТХКМ ходими томонидан ўзлари хизмат кўрсатаётган 281та тадбиркорлик субъектининг 11 млрд сўмлик 15,9 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган эди.Ушбу 12 фоизлик ҚҚС амалиётида ҳам ушбу ҳолатлар кузатилмайди деб айтолмаймиз. Имтиёз ўз эгаларигача етмай, йўлларда қолиб кетсачи?

Нима қилиш керак?

ҚҚС имтиёзини манзилли шаклга ўтказиш, уни фақат муҳтож аҳолига бериш – тўғри ва асосли, лекин агар ният холис бўлса, юқорида айтилган асослардан келиб чиқиб, ҚҚСни қайтариш механизмини қайта кўриб чиқиш керак.

Ижтимоий реестрда турувчи фуқароларга нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади.

Фикримизча, тўртта (балки ундан ҳам кўпроқ) маҳсулот – нон, гўшт, ёғ, тухум хариди учун яхлитланган озиқ-овқат компенсацияси шаклида бўлиши – ҳам осон, ҳам самарали кўринади. Реестрдаги аҳолига тўғридан тўғри пул шаклида кўмак бериш энг тўғри ечим, бизнингча.

Шаҳруза Сатторова