Аввалроқ Хоразм вилояти адлия ва ФВБ бошлиқларининг меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари биллан жинсий мулоқотда бўлгани ҳақида хабар қилинганди.
Адлия вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда қайд этилган вазирлик ҳудудий бошқармаси раҳбарининг на қонунларга, на ахлоқ ва қадриятларга мос келмайдиган ҳаракатлари бизни чуқур ларзага солди. Ушбу жиноий ҳаракат ҳақидаги бизга маълум бўлган вақтидаёқ у лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан тегишли суд ҳукми чиқарилиб, жиноий жавобгарликка тортилган.
Қонунчиликка кўра судлар ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради, ўз ҳукм-қарорларини мустақил равишда чиқаради. Шу сабабли Адлия вазирлиги собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмас», дейилади вазирлик муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, Меҳрибонлик уйининг вояга етмаган бир қанча қизлари билан 10 ой давомида жинсий алоқада бўлиб келган мансабдорлар фақатгина 1 йил 6 ой муддатида озодликни чеклаш жазосига тортилган.
Бу жамоатчилик ўртасида эътирозларни келтириб чиқармоқда.
«Педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келди.
Агар бу масала дунё тажрибасисиз бўлмайди, қайда бор бу жазо десангиз — Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ ва ҳоказо давлатларни кўринг. Уларда бор экан бу жазо. Хитой, Лотин Америка давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда биратўла ўлдириб юборилар экан», дейди Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов.