Саида Мирзиёева Хоразмда қизлар билан жинсий алоқа қилган мансабдорлар ишига муносабат билдирди

Хоразмда оилавий болалар уйи раҳбари уч нафар вояга етмаган тарбияланувчини 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиқлари билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани ҳақида хабар берилганди.

Президент администрацияси шўба мудири Саида Мирзиёева ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Ушбу ҳолат қонунчиликда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётгани алоҳида қайд этилди.

“Хоразмда юз берган фожиа жамиятда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолат қонунчилигимизда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини кўрсатмоқда. 

Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир. Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман. 

Биз мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли ‘лазейка’ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштиришимиз зарур. Мазкур қонун лойиҳаси аёллар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган”, — деб ёзади Мирзиёева.