“Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–107-сон, 01.04.2023 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 апрелдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби белгиланади:
—тижорат банклари кредитларининг гаров таъминоти 50 фоизгача, бироқ 2,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллиги асосида таъминланади;
—тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредитлари бўйича фоиз ставкасининг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Жамғарма ҳисобидан компенсация тақдим этилади.
2024 йил 1 мартгача Қашқадарё вилояти Касби туманида барча сув кириш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва сувни фойдаланувчиларга етказиб бериш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади.
Сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасида расмийлаштирилган далолатномаларни ҳар ой якуни билан электрон шаклда тўлдириш ҳамда электрон рақамли имзолар орқали тасдиқлаш имконини берувчи “Suv hisobi” ахборот тизими яратилади.
2025 йил 1 январдан қуйидаги тартиб жорий этилади:
—республиканинг барча ҳудудларида “Suv hisobi” АТ жорий қилинади;
—қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда ишлатилган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни ҳисоблашда “Suv hisobi” АТ орқали тақдим этилган маълумотлар асосида солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботларини автоматик шакллантириб бериш амалиёти жорий этилади.
2023 йил августгача 2022 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган ҳамда субсидия маблағларининг 50 фоизини олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига тизимларнинг ишлатилишига қараб белгиланган субсидия миқдорининг қолган 50 фоизи туман ишчи гуруҳи хулосаси асосида ажратилади.
2023 йил 1 майгача сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларининг гидротехник иншоотларидан ноқонуний фойдаланиш юзасидан жавобгарликни кучайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқилади.