Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёдаги эпидемиологик вазият бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.
Унда қайд этилишича, шу йил 6 мартдан 2 апрелгача 3,2 миллиондан ортиқ кишига коронавирус ташхиси қўйилиб, беморлардан қарийб 24 минг нафари ҳаётдан кўз юмган.
Таҳлилларга кўра, ўтган 28 кунда касалланиш кўрсаткичи аввалги тўрт ҳафтага нисбатан 28 фоизга, ўлим ҳолатлари эса 30 фоизга камайган.
6 мартдан 2 апрелгача энг кўп беморлар қуйидаги давлатларда рўйхатга олинди:
🇺🇸 АҚШ — 626 минг,
🇷🇺 Россия — 314 минг,
🇰🇷 Жанубий Корея — 271 минг,
🇯🇵 Япония — 202 минг,
🇫🇷 Франция — 193 минг нафар.
ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус пасайиш тенденцияси шундай давом этса, жорий йилда COVID-19 пандемияси бекор қилинишини маълум қилди.
Ташкилотнинг Фавқулодда ҳолатлар бўйича қўмитаси аъзолари иштирокида май ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда айни шу масала ҳам кўриб чиқилиши кутиляпти.
Экспертлар касалликни жиловлашнинг энг тўғри ва самарали йўли тўлиқ босқичда ҳамда бустер дозада эмланиш, деб таъкидламоқда.