“Маданият ва маърифат” телеканалини “Карвон”га айлантириш ва уни Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтказиш лойиҳасига муносабат билдирилди.
Телеканал директори Воҳид Луқмонов ўзининг Фейсбук саҳифасида бу борада бугун муносабатини қолдирган.
«Аввало, “Маданият ва маърифат” телеканали фаолиятига оид ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётганидан хабаримиз бор эди. Телеканал фаолиятини ҳар томонлама (ғоявий-бадиий, молиявий-иқтисодий, техник-технологик жиҳатдан) ривожлантириш, телеканални янада кўримли қилиш бўйича ўзимизнинг аниқ таклифларимизни берган эдик.
Афсуски, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Ҳужжат лойиҳасида бизнинг таклифларимиз инобатга олинмаган.
Бу Ҳужжат ҳали лойиҳа. Ишонамизки, бу Лойиҳа қизғин муҳокама жараёнидан ўтиб, ҳамманинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ғоялари инобатга олинган ҳолда, кенг жамоатчилик кутаётган Қарорга айланади», — деган телеканал директори.