“103” хизматига доир энг муҳим мезонлардан бири — тезлик! Аввало, чақирув манзилига жуда қисқа вақт ичида етиб бориш керак! Сўнг беморга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт!
Шундан кейин, тиббий кўрсатмага кўра, беморни шошилинч равишда шифохонага олиб бориш талаб этилиши мумкин. Бу жараёнда ҳатто сониялар ҳисобли. Бироқ юртимизда “Тез ёрдам”нинг тезлигига салбий таъсир этувчи омиллар, афсуски, ҳали ҳам учраб турибди.
Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида “103” хизматига жами 893 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Шундан энг кўп кўрсаткич Тошкент вилоятида қайд этилди — 189 та.
Кейинги ўриндан 154 та чақириқ билан Фарғона вилояти жой олди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятидан 114 та, Тошкент шаҳридан 96 та ҳамда Навоий вилоятидан 84 та ана шундай мурожаат келиб тушган.
Энг кам ёлғон чақириқ эса ўтган уч ойда Самарқанд вилоятида рўйхатга олинди — 2 та.
— Баъзан “103”га қўнғироқ қилиб, беморни бошқа машинада касалхонага олиб кетиш ҳолатлари учрайди, — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент шаҳар филиали директори Илҳом Асланов. — Бундан ташқари, чақирув манзилини нотўғри бериш, устига-устак, “Тез ёрдам” етиб борганида, эшикни очмаслик, телефон қўнғироқларига жавоб бермаслик каби нохуш вазиятлар ҳам такрорланиб туради.
Ёки “103”га мурожаат қилиб, тиббиёт бригадаси айтилган манзилга энди етиб келганида, чақириқни рад этиш ҳолатларига ҳам гувоҳмиз.
Афсуски, бундай вазиятлар “Тез ёрдам” фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, шифокорларнинг белгиланган манзилга ўз вақтида етиб боришига тўсқинлик қилади. Шунга қарамай, асоссиз ва ёлғон чақириқлар статистикаси йилдан йилга камаяётгани ижобий ҳолат.