Вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланган шахсга қидирув эълон қилди

Ички ишлар вазирлиги Наманганда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланган шахсга нисбатан қидирув эълон қилинганини маълум қилди.

Хабар берилишича, Наманган шаҳри Ўзбекистон кўчасидаги хонадонда яшовчи 1989 йилда туғилган Ш.У. 2023 йилнинг 1 апрел куни соат 23:30 ларда Наманган шаҳрининг Бобур боғидан вояга етмаган қизни уйига олиб бориб қўйишини айтиб, алдаб, номаълум манзилдаги хонадонга олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига теккан.

Унинг жиноятга оид ҳаракатлари Бобур боғи ва атроф кўчалардаги кузатув камераларида акс этган. Шунингдек, ҳозирда жабрланувчининг кийимлари, баданидаги тан жароҳатлари ва зўрлик аломатлари юзасидан тегишли судга оид тиббий экспертизалар тайинланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят содир этишда гумонланган Ш.У.нинг қўлга олиш махсус тадбири жараёнида оила аъзолари томонидан ходимларга фаол қаршилик кўрсатилиши оқибатида гумонланувчи яширинишга муваффақ бўлган.

https://t.me/Sh_Giyasov_IIV_matbuot_kotibi/1750?embed=1

Шунингдек, Ш.У. 2023 йилнинг 27 март куни соат 12:30 ларда Наманган шаҳар Ёшлар мажмуаси ёнидаги чорраҳада велосипедда харакатланиб кетаётган вақтида йўлини тўсганликларини баҳона қилиб, «ВАЗ-2106» русумли автомашинасида ҳаракатланиб кетаётган икки нафар ёш йигитни уриб, дўппослаб, воқеа жойидан яширинган. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра фуқароларга ўртача оғир тан жароҳати ва енгил тан жароҳати этказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳам гумонланувчи Ш.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, у эпилепция касаллиги билан боғлиқ шахсиятнинг чуқур бузилиши, бирламчи генерализациялашган талваса хуружлари ташхиси билан Наманган вилояти руҳий-асаб касалликлари шифохонаси 3-мажбурий даволаш бўлимида назоратда туради.

Муқаддам Ш.У. Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди, 169-моддаси 3-қисми «а» банди, 165-моддаси 2-қисми «в» банди, 227-моддаси 2-қисми «а» банди, 118-моддаси 2-қисми «в,г» банди, 119-моддаси 2-қисми «в,г» банди, 164-моддаси 3-қисми «а,в» банди, 166-моддаси 2-қисми «в» банди, 138-моддаси 2-қисми «а» банди, 118-моддаси 3-қисми «а» банди, 277-моддаси 2-қисми «в,б» банди, 127-моддаси 2-қисми «а» банди, 104-моддаси 2-қисми «в,э,л» бандлари билан судланган.

Вазирлик ушбу фуқаро руҳий хасталиги ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканини инобатга олиб, уни учратган шахслардан эҳтиёт бўлишни ҳамда дарҳол 102 қисқа рақамига ёки яқин атрофдаги ҳуқуқ тартибот орган ходимларига хабар беришни сўраган.