“Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарори (ПҚ–121-сон, 12.04.2023 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига дала четларида ишларни тўғри ва сифатли ташкил қилиш, ер эгаларига экишдан бошлаб маҳсулотни реализация қилишгача бўлган даврда амалий ёрдам бериш учун 2023 йилда ҳар бир туманга 4 нафаргача, жами 672 нафаргача мавсумий агрономларни ишга қабул қилишга рухсат берилди.
Бунинг учун Агентлик тизимида қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштиришни жорий қилишга масъул бўлган директор ўринбосари штати жорий қилинади.
Президент қарори доирасида Агентликнинг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 2023 йилда ажратилиши кўзда тутилган 400 миллиард сўм бюджет ссудаси ҳисобидан 100 миллиард сўм йиллик 10 фоиз ставкада қуйидаги мақсадлар учун сарфланиши белгиланди:
дала четини ўзлаштириш ва маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган уруғ, кўчатлар, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар, моддий-техник ресурслар билан таъминлаш;
сув билан таъминлаш учун насос ва қувурларни ўрнатишга 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада қарз ажратиш. Бунда, берилаётган қарз маблағлари олинаётган даромаднинг 50 фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас.
Қарорга кўра, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналарни харид қилишга 50 миллиард сўм маблағ ажратилади, ушбу маблағлар:
қишлоқ хўжалиги корхоналарига 36 ойгача имтиёзли давр билан 84 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида қишлоқ хўжалиги ерлари атрофида коллектор-дренаж тармоқлари мавжуд бўлган фермер хўжаликларига зовур сувларида 200–250 бошдан ўрдак боқиш ва асалари уяси ташкил қилиш учун йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади.
2023–2025 йилларда Сирдарё вилоятида фойдаланилмай бўш турган дала четлари ҳамда коллектор-дренажлар атрофларидаги 500 гектар майдонда ихчам “ижтимоий иссиқхона”ни ташкил қилиниб, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга тайёр ҳолда 2,5 сотихдан ажратилади.