Эндиликда шахс танасининг ёки жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото ва видеотасвирини унинг розилигисиз тарқатиш жиноий қилмиш дея эътироф этилади. Бундай қилмиш учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йилнинг 23 март куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, 6 апрель куни эса Сенат томонидан маъқулланганди.
11 апрель куни президент ушбу қонунни имзолади ва у 12 апрелдан кучга кирди.
Қонун билан Жиноят кодексига 1413-модда киритилди. Унда шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Жумладан, шахс танасининг ва (ёки) жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото ва (ёки) видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни унинг розилигисиз тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёхуд бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Агар бу ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.