Бугун Телеграм тармоғидаги бир нечта каналларда «Огоҳ бўлинг: Ўзбекистон помидорларида хавфли вирус аниқланди» сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарларга Қозоғистон телеканалининг «24KZ» телеканали орқали намойиш этилган лавҳа асос бўлди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор суриштирув ва ўрганишлар олиб борилиб, дастлабки натижаларга кўра Қозоғистон томони Ўзбекистондан импорт бўлган помидор маҳсулотларида помидор жигарранг вируси (Tomato brown rugose fruit virus) ва бошқа карантин касалликлар аниқланганлиги юзасидан маҳсулотларни орқага қайтариш ҳолати кузатилмаган ва эътирознома (нотификация) жўнатмаган.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистон ва Қозоғистон карантин хизматлари ўртасида тезкор равишда музокара олиб борилиб, ушбу тарқалган хабарга изоҳ берган фитосанитария хизматининг Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудий инспекцияси раҳбари И.Бегасилов помидор жигарранг вируси аниқланиш ҳолати юзасидан импорт бўлган 43 тонна помидор маҳсулотида айнан Ўзбекистондан юкланган маҳсулотида хавфли вирус қайд этилмаганини телефон мулоқотида тасдиқлади.