Самарқандга Хитойдан 350 та электробус олиб келинади

Самарқанд шаҳри учун 350 та электробус сотиб олиш ва ҳудудда тегишли инфратузилмани яратиш бўйича 95 млн долларлик лойиҳа амалга оширилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида амалга ошадиган мазкур лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Айни вақтда биринчи босқич бўйича ишлар олиб борилмоқда. Унга кўра, узунлиги 10,5 метр бўлган дастлабки 100 та электробус харид қилиш ва электробус паркини қуриш режалаштирилган.

100 та электробус сотиб олиш бўйича ўтказилган тендер натижаларига кўра, Хитойнинг Yutong Bus Co.Ltd компанияси ғолиб бўлган. Компания «Самарқанд йўловчи транс» давлат корхонаси билан 29,7 млн евро миқдорида шартнома имзолаб, 100 та электробусдан 6 тасини жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида, қолган 94 тасини эса учинчи чорак якунига қадар етказиб беришини маълум қилган.