Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича 528 000 нафар аёл бачадон бўйи саратони касаллиги билан касалланиб, улардан 266 000 нафари нобуд бўлмоқда.
Мамлакатимизда бу хасталик барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринни эгаллайди. Ўлим кўрсаткичи бўйича эса барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон бези саратонидан кейин учинчи ва туғиш ёшидаги аёллар орасида эса иккинчи поғонада қайд этилади.
Касалликнинг профилактикаси 9 ёшдаги қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш ҳисобланади.
Жорий йилнинг апрель ва май ойларида жойлардаги даволаш-профилактика муассасаларининг эмлаш бригадалари томонидан папиллома вируси касалликларининг олдини олиш мақсадида миллий эмлаш календари асосида эмлаш тадбирлари олиб борилади.
Жаҳон иммунизация ҳафталиги доирасида давом этаётган ушбу тадбирларда 3138 та эмлаш пунктида тиббиёт ходимларининг тайёргарлиги оширилиб, режага асосан 307 064 нафар 9 ёшдаги қизларни қамраб олиш режалаштирилган.