Россияда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони кескин ошгани маълум бўлди

Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетниковга кўра, мамлакатда етти йил ичида Ўзбекистондан борган меҳнат мигрантлари сони 4 баравар ошган. Бу ҳақда “Lenta.ru” хабар берди.

Қайд этилишича, у бу ҳақда Тошкентда ўтказилган иккинчи Халқаро инвестиция форумида маълумот берган. Решетников, шунингдек, Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги уч мингта компания фаолият юритаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили 700 та фирма очилган.

Аввалроқ берилган таҳлилларга кўра, 2022 йилда Россияда меҳнат муҳожирлари сони қарийб 30 фоизга ошиб, 3,47 миллионга етган. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи эса Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳиссасига тўғри келган.