Бухородаги устахонада газ баллони ёрилиб кетди

Бугун, 28 апрель куни Бухоро шаҳридаги устахоналарнинг бирида маиший газ баллони ёрилиб кетди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Ҳолат Бухоро шаҳар «С.Раҳимов» МФЙ ҳудудидаги йўл ёқасида жойлашган МЖЧга қарашли автомобилларга газ баллонларини ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш устахонасида юз берган. Устахонада ҳажми 50 литрли суюлтирилган маиший газ баллони ёрилган.

Воқеа жойига 2 та ёнғин-қутқарув автоэкипажлари жалб қилинган. Шифокорларнинг дастлабки ташхисига кўра, фуқаролар — 1985 йилда туғилган С.Ш. ва 1986 йилда туғилган К.Ш. 90-95 фоиз куйиш тан жароҳатини олган. Улар РШТЁИМ Бухоро филиали куйиш бўлимига ётқизилган ва ҳозирда аҳволи оғир.

Маълум бўлишича, газ баллонини таъмирлаш жараёнида у ёрилиб кетган ва устахонанинг эшик ҳамда деразалари синиб шикастланган.