​“Омикрон”нинг янги субвариантини аллергиядан қандай фарқлаш мумкин?



Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда дунё бўйлаб “омикрон” штаммининг янги — ХBB.1.16 версияси кенг тарқалмоқда.

Хусусан, “Арктур” деб номланаётган ушбу мутация ўта юқумли бўлиб, ҳозир АҚШда қайд этилаётган жами коронавирус версияларининг 9,6 фоизини ташкил қиляпти.

Америка офтальмология академияси маълумотларига кўра, кўзларнинг қизариши (конъюнктивит) бу субвариантга хос асосий аломатлардан бири. Айниқса, болаларда мазкур симптом яққол намоён бўляпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар ўғил-қизларда кўзлар қичишиши ва қизариши кузатилса, улар СOVID-19 учун ПЗР-тест топширишлари керак. Аммо бу аллергия белгилари билан ўхшаш эканлигини ҳам ёддан чиқармаслик керак. 

Иситма коронавирусга тааллуқли аломатдир. “Арктур”да бу симптом янада кучлироқ кечади.

Демак, беморнинг кўзлари қизариши, юқори тана ҳарорати — коронавирусни аллергиядан ажратиб турувчи бир жиҳат. Чунки мавсумий аллергик реакцияларда одатда иситма кузатилмайди. Аниқ ташхис қўйиш учун эса тегишли тиббий текширувлар талаб этилади.