Ажримлар рейтинги бўйича дунё статистикаси: қайси давлат етакчи?

World of Statistics эълон қилган маълумотларга кўра, Португалия ажрашувлар рейтингида 94 фоиз кўрсаткич билан биринчи ўринда турибди. Ундан кейин Испания (85%), Люксембург (79%) ва Россия (73%) келади.

Осиё ва Шарқ давлатлари бу рўйхатнинг охирида албатта. Энг кам ажралиш фоизи Ҳиндистонда қайд этилган (1%). Ундан баландроқ “пиллапоя”ларни 7% кўрсаткич билан Вьетнам, 10 фоиз кўрсаткич билан Тожикистон ва 14 фоиз билан Эрон банд этган.

Германия (38%), Буюк Британия (41%), Австралия (43%), АҚШ (45%), Жанубий Корея (46) каби ривожланган давлатларда ажралиш даражаси 50 фоизга етмайди. Яъни уларда ҳар йили қурилган оилаларнинг ярмидан камроғи ажрашиб кетади.

Ўзбекистон бу рўйхатнинг пастидан ўрин олган. Мамлакатимизда ўтган йили 197 мингта никоҳ қайд этилган бўлса (7,4 промилле), 34 400 та никоҳ бекор қилинган (1,4 промилле). Ажрашув даражаси 17 фоизга тенг бўлган. Демак, бу жиҳатдан биз дунё рейтингида Мексика, Миср ва Жанубий Африка республикалари билан баравар мавқедамиз.

Қизиғи шундаки, ҳақиқий осиёча ва шарқона стереотипларга мос тушадиган Саудия Арабистонида ажрашишлар даражаси 37 фоизни ташкил этар экан.

Географик жиҳатдан Шарқ ва Ғарб ўртасида жойлашган, табиийки менталитети ҳам шунга мос бўлган Исроилда бу кўрсаткич 27 фоиз, Туркияда эса 25 фоизга тенг.