Вилоят ИИБ матбуот хизмати берган маълумотга кўра, уч аёл ва бир эркак ўзаро олдиндан тил бириктириб, аёлнинг уйига гўёки Шоҳрух исмли йигитни сўраб келиб, алдов йўли билан уйга кирган.
Шундан сўнг, улар аёл билан олдиндан бўлган келишмовчиликни рўкач қилиб, уни хонадан ётоқхонасига олиб кириб қулфлаган ва жабрланувчига зўрлик ишлатиб, уни уриб, сочларини кесиб ташлаган. Ҳолатни телефонда видеога олиб, жабрланувчини кейинчалик ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб воқеа жойидан кетишган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, аёлга енгил турдаги тан жароҳати етказилган. Олиб борилган тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.