Аёлини ўлдирган эркак сўнгра ўз жонига қасд қилган – Бош прокуратура



Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, 6 май куни соат 12.00 да Наманган Давлат университети олдида 26 ёшли эркак ўзининг 23 ёшли турмуш ўртоғини  хўжалик пичоғи билан қасддан ўлдирган.

Сўнг у ўзига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, ўз жонига суиқасд қилган.

Шу вақтда воқеа жойида бўлган фуқаролар томонидан ўз жонига суиқасд қилган эркак шифохонага ҳушсиз ҳолатда олиб борилган.

Аниқланишича, ушбу жиноятни содир қилган шахс турмуш ўртоғи билан 2022 йилнинг январь ойидан буён ўзаро оилавий жанжал сабабли ажрашиб, бирга яшамасдан келган.

Шундан сўнг у турмуш ўртоғини ўзи билан бирга яшашга мажбур қилиб, асоссиз рашқ қилиб келган ҳолда бир неча маротаба жанжаллашиб юрган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.