Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги газ қуйиш шохобчасида 6 май куни «Nexia-2»га ўрнатилган газ баллонида портлаш содир бўлди.
Маълум қилинишича, туманнинг «Кончилар» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Автогаз» автомобилларга газ қуйиш шохобчасида «Nexia-2» русумли автомобилнинг газ баллонига газ қуйиш вақтида ёрилиш содир бўлган.
Натижада автомобиль орқа қисми тўлиқ шикастланган. Ҳодиса жойида ёнғин содир бўлмаган. Автомашина яқинида бўлган бир нафар фуқаро енгил даражада тан жароҳати олган ва у зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига юборилган. Ҳозирда ҳолат бўйича тегишли соҳа вакиллари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.