“Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–149-сон, 08.05.2023 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги этиб қайта ташкил қилинди.
Миллий антидопинг агентлиги, жумладан:
- республика ижро этувчи ҳокимият органи мақомига эга бўлиб, ўз фаолиятида Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдордир;
- Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг талаблари ва қоидалари бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб боради ҳамда тезкор жорий этади.
Қарорга мувофиқ, вазирлик ва идораларда ягона меҳнатга ҳақ тўлаш тизими жорий қилингунга қадар 2023 йил 15 майдан Миллий антидопинг агентлиги ходимларига қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):
▫️1 йилдан 3 йилгача – 0,3;
▫️3 йилдан 5 йилгача – 0,6;
▫️5 йилдан 10 йилгача – 0,8;
▫️10 йилдан 15 йилгача – 1;
▫️15 йилдан 20 йилгача – 1,2;
▫️20 йилдан юқори – 1,5.
Республикада ва хорижда ўтказиладиган мусобақаларда допинг-синамалар олиш ҳуқуқига эга бўлган халқаро тоифадаги допинг офицерларни Халқаро тест агентлигида (International Testing Agency) ўқитиш йўлга қўйилади.
Шунингдек, антидопинг назорати ва мониторинги соҳалари рақамлаштирилади. Бунда:
- допинг-тест ва допинг назоратини ташкил қилиш, спортчилар ҳақида маълумотларни тўплаш ва сақлашга оид спортчининг “биологик паспорти” (ABP) онлайн тизими жорий этилади;
- спортчилар учун антидопинг таълим электрон платформаси яратилади;
- босқичма-босқич Спортда тақиқланган моддаларни текшириш миллий платформаси жорий этилади.