Кеча, 18 май куни Тошкентда «Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этиш» II Халқаро форуми бўлиб ўтди.
Форум Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.
Камбағалликни қисқартириш бўйича иккинчи халқаро форумда 200 дан ортиқ делегатлар, шу жумладан, камбағалликка қарши кураш бўйича қатор нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этди.
Форумда иштирок этган иқтисод бўйича Нобел номидаги мукофот совриндори, камбағалликни қисқартириш бўйича глобал ташаббуси J-PAL ҳаммуассиси – Абҳиджит Банерджи, жумладан, дунё тажрибасида камбағаллик билан курашишнинг асосий тамойиллари ҳақида тўхталди.
– Энг асосий масалалардан бири камбағалликнинг келиб чиқиш сабабларини тўғри аниқлай билишдир. Аниқ бир шакл-шамойил йўқки, ҳар бир мамлакат уни қўллай олса, ҳар бир ҳудуд муаммонинг асосий илдизидан келиб чиққан ҳолда турли йўллар билан камбағалликка қарши курашади. Қайси йўл муваффақиятли бўлиши ёки бўлмаслигини ҳеч ким айта олмайди. Аввал камбағаллик сабабини топиш, уни ўрганиш лозим. Шундагина унга қарши курашишнинг энг тўғри йўлини аниқлаш мумкин, – дейди у.
Бундан ташқари, БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска «Xabar.uz» журналисти билан суҳбатда камбағалликни қисқатириш омилларига тўхталиб ўтиб, ўз кузатишларини баён қилди.
– Биз, БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистон раҳбариятининг камбағалликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ислоҳотларнинг марказига қўяётганини қўллаб-қувватлаймиз. Камбағалликни қисқартириш давлат барқарорлиги ва ўсиш билан чамбарчас боғлиқ. Камбағалликни қисқартиришнинг ҳаракатлантирувчи омилларидан бири – бу инсон капиталига инвестиция қилиш. Иккинчиси – иш ўринлари яратиш, учинчиси – рақамлаштириш ҳисобланади.
Биз камбағаллик нафақат даромад, балки соғлиқ, таълим ва тоза ҳаводан нафас олиш каби неъматларга эга бўлишдир, деган асосда иш бошламоқдамиз. Биз ҳукуматни камбағалликни ўлчаш учун янги индекс ишлаб чиқишини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқдамиз, Ҳукумат яқинда натижаларни тақдим этишга умид қиламиз, – дейди Матилда Димовска.
Суҳбат давомида БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Ўзбекистондаги демографик ўсишга тўхталиб ўтди.
– Ўзбекистондаги демографик тенденцияларни ҳамма яхши билади. Бу аслида демографик дивиденд, имкониятлар ойнаси. Агар ундан тўғри фойдаланилмаса, у хавф-хатар ойнасига айланиши ҳам мумкин. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг аҳоли турмуш даражасига қаратаётган эътибори ниҳоятда муҳим. Бундан ташқари, ёшларни иқтисод ва ижтимоий фаолиятда қўллаб-қувватлаш жуда муҳим рўл ўйнайди, – дейди у.
Матилда Димовсканинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги меҳнат бозорида тўғридан-тўғри ёшларга қаратилган қатор фаол чора-тадбирлар амалга оширилаётганини эътироф этиш лозим. Шу билан бирга ёшларга яшил иқтисодиёт билан шуғулланиш имкониятини ҳам бериш керак.