Сурхондарё вилояти Музработ туманида 7 май куни ички ишлар ходими унга қаршилик кўрсатган маст эркакнинг қўлларини боғлаб қўйгани тўғрисида хабар берилганди. Вилоят прокуратурасига кўра, ҳозирда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, 6 май куни Сурхондарё вилояти Музработ тумани, «Шаффоф» маҳалласида яшовчи С.Ж. туман ИИБга мурожаат қилиб, шу куни туманнинг «Янги ҳаёт» маҳалласида яшовчи фуқаро У.П. маст ҳолда яшаш уйига келиб, тинчлигини бузаётгани ҳақида берган хабарига асосан профилактика инспектори борган вақтда У.П. воқеа жойидан қочиб кетган.
Сўнгра профилактика инспектори уни топиб, туман Тиббиёт бирлашмасидаги вақтинчалик мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб бориб жойлаштирган.
«ИИБ ходими тиббий даволаш муассасасида беморга жисмоний куч ишлатгани билан боғлиқ тарқалган видеолавҳа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланди», — дейилади муносабатда.
Терговга қадар текширув натижасига кўра, 19 май куни Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш)1-қисми, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Музработ тумани прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатларининг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.