Қашқадарёда археологик ёдгорликни бузиб ташлаган фуқаролар жазоланди

Яккабоғ туманида яшовчи фуқаролар томонидан 2022 йил август ойида «Дархон» МФЙ ҳудудида жойлашган «Кунжутлитепа» археология ёдгорлигини бузиб ташланган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Маданий мерос агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари томонидан бузишни тўхтатиш ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай, фуқаролар ёдгорлик ҳудудидаги баландлиги 4 метр, эни 22 метр бўлган тепалик тупроғини суриб ташлашган. Натижада маданий мерос объекти қайта тикланмайдиган даражага келиб қолган.

Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, ишни Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди кўриб чиқди. Ҳал қилувчи қарорга кўра, фуқаро А.О. га ЖКнинг 28, 132-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 йил 6 ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Унинг шериги фуқаро Р.О. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 132-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни қилганликда айбли деб топилган. Фуқаролар Р.О. ва А.О.га шерикчилик тартибида етказилган 47 млрд. 520 млн. сўмлик зарарни ундириш белгиланди.