Имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган оилавий корхона раҳбарлари қўлга тушди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Термиз шаҳар бўлими томонидан “Микрокредитбанк” АТБ Сурхондарё вилояти минтақавий филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, “L.T.” оилавий корхона раҳбари Х.Б. ва бошқалар тикувчиликни ривожлантириш учун ажратилган 622,9 млн сўм имтиёзли кредит эвазига тикув дастгоҳларини олиб келмасдан, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шунингдек, банкнинг Фронт-офис бўлими собиқ бошлиғи А.У. ушбу мақсадсиз ишлатилган кредит қарздорликларини тўлаш учун янги хўжалик юритувчи субъект ташкил этиб, банкдан кредит олиб бериш эвазига ОК раҳбари Х.Б.нинг 30 млн сўм нақд пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги маълум бўлган.

Шу каби, Департаментнинг Фарғона туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “J.S.” оилавий корхона раҳбари Й.Қ. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки филиалидан 23 нафар фуқарога иссиқхона қуриш ва чорва моллари етказиб бериш учун ажратилган 620 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.