Тинган сувни лойқалаш кимга керак?

Кеча Eltuz интернет нашрида эълон қилинган “Бекзод Мусаевнинг қон олиш лабораториялари кимнинг қонини сўрмоқда?” сарлавҳали мақоланинг холислик ва журналистик этикадан анча йироқ бўлгани аксарият ўқувчиларда қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Саволларки, мақолада иддао қилинаётган аргументлар, охиригача ўрганилмаган ҳолатлар, қолаверса, масаланинг моҳиятидаги ноаниқликлар ўқиган кишида шубҳа уйғотиши табиий.


Аслида хорижда яшаётган ҳамкасбимиз сўзлаб берган “ҳикоя” ортидаги ҳақиқат нима эканини билиш учун гапни бироз олдинроқдан бошлаш керак.


Бундан бир йилча аввал оммабоп интернет нашрлардан бири Kun.uz айни шу мавзуда журналист суриштируви эълон қилган эди. “Тошкентдаги тиббиёт “мафияси”: собиқ вазирлар давридаги манфаатлар тўқнашувига барҳам бериш бошландими?” сарлавҳали ўша мақолада йиллар давомида томир ёйиб, мустаҳкам монополия даражасига етган, аллақачон “тиббиёт мафия”сига айланиб улгурган, тадбиркорлик ниқоби остидаги бир қатор мансабдорларнинг асл юзи очиб ташланганди. Аслида нафақат очиб ташланган, балки уларнинг қўштирноқ ичидаги “бизнес”ига ҳам барҳам берилиб, мансабини суиистеъмол қилган амалдорлар мансабидан четлаштирилган ва ўрганиш ишлари бошланиб, кейинчалик улар тегишли тартибда жавобгарликка ҳам тортилган.


Қисқача айтганда, пойтахтдаги 54 та тиббиёт муассасасида аҳолига пуллик хизмат кўрсатишни ўзи учун монополия қилиб олган “SS-LAB” МЧЖ фаолиятидаги қинғирликлар очиб ташланган.


Ушбу машмашаларга эса Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги “Давлат-хусусий шериклик асосида марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ечим бўлган эди. Аммо, юқоридаги, балки бошқа сабабдан ушбу ҳужжат ижроси ўз вақтида таъминланмаган.


Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўша вақтда эълон қилган хабарига кўра, 2020 йилнинг 10 февралда “Тошкент шаҳрида намуна сифатида марказлаштирилган клиник диагностика лабораториясини ташкил этиш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш тўғрисида”ги концессия шартномаси тузилган. Концессия шартномаси тузган хорижий инвестор фаолиятни олиб бориш ваколатини бошқа операторга бериш ҳуқуқидан фойдаланиб, ушбу фаолиятни бажариш учун Тошкент шаҳрида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Intermed innovation” қўшма корхонасини таклиф этган. Шартномага мувофиқ, “Intermed innovation” иш фаолиятини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти поликлиникаларида амалга ошириши лозим бўлган 12 турдаги лаборатор текширув турларини 2018 йилда ҳисоблаб чиқилган энг арзон нархлар асосида бошлаши белгиланган. Беҳзод Мусаев эса 2021 йил 11 ноябр куни ССВга вазир этиб тайинланган. Шу фактнинг ўзи “Intermed innovation” қўшма корхонасига Беҳзод Мусаевни манфаатдорликда боғлаган Eltuz иддаоси нақадар объектив эмаслигини тасдиғи эмасми?


Бор гап шу. Энди, шу ўринда бизда юқорида айтганимиз – шубҳали саволларга жавоб қидириб кўрайлик.
Собиқ ССВ раҳбари Беҳзод Мусаев шаҳар поликлиникаларида неча йиллардан буён давом этиб келаётган “ўйин”ларга нуқта қўйган, бу ҳақда ўз вақтида журналистик текширув ўтказилиб, жамоатчиликка эълон қилинган бўлса, бугун нега “тўсатдан” бу масалага қайтилаётгани сизга ҳам бироз қизиқ туюлмаяптими?


Иккинчидан, “Intermed innovation” МЧЖ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маъқулланиб, у билан ҳамкорликда лаборатория фаолиятини юритиш учун уч томонлама операторлик шартномаси вазирликнинг 2021 йил 24 сентябрдаги 237-сон буйруғи билан тасдиқланган экан, аслида шу вақтгача тўғри кириб келаётган “пул оқими” маъқул эмасмиди. Унинг фаолиятини ўрганиб, бир қатор лаборатория текширувлари учун бепул хизматни қайта тиклаш ва арзон нархда хизмат кўрсатиш талаби билан янги операторни жалб этишдан мақсад нима? Қани бу ерда мантиқ, қани манфаат?


Учинчидан, 2023 йил 4 май куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди “Intermed innovation” МЧЖ га 4-1001-2303/19200-сонли иқтисодий иши юзасидан Eltuzга етиб келган суд ҳукмидаги ҳолатларга бир томонлама ёндошилган. Ушбу суд қарорида жавобгар “Intermed innovation” МЧЖнинг судга ёзма илтимоснома билан мурожаат қилгани хам кўрсатилган.


Яъни худди шу ҳолат юзасидан Тошкент туманлараро маъмурий судида “Intermed innovation” МЧЖнинг аризаси бўйича жавобгар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 1 мартдаги 33-05606-сонли ва 11-05808-сонли қарорларини бекор қилиш ҳамда қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги 5-1001-2312/958-сонли иш маъмурий ишлар буйича судда кўрилаётганлиги билдирилган. Хамда мазкур иқтисодий иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туришни сўраган. Иқтисодий процессуал Кодекснинг 101-моддасига кўра маъмурий суд томонидан ушбу масала кўриб чиқулгунича иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан иш юритишни тўхтатиб туриши шартлиги белгиланган.


Унда нима сабабдан иқтисодий суд томонидан бу мажбуриятлар бажарилмаган? Бу ҳам навбатдаги “қизиқ” савол.


Афсуски, Eltuz бу ҳақда тўхталмаган. Аслида бу унинг мансабдор шахсларни харакатларини қўллаган холда чет эллик тадбиркор манфаатларини бузишга қаратилган “ёрдами” эмасми?! Бу билан Eltuz мақоласида зиддиятли ҳолат мавжудлиги яққол намоён бўлмаяптими? Яъни қайси мавҳум мансабдор шахсни Eltuz ўз ҳимоясига олаяпти?


Ваниҳоят, Eltuz “Intermed innovation” МЧЖнинг собиқ вазир билан алоқадор экани ҳақида ҳеч қандай тасдиқланган далил келтирмаган. Балки бир йил олдин кўтарилиб, бир қатор ечимини топган муаммони яна қўзғаш, тинган сувни лойқалатишдан мақсад ҳам мана шу нуқтада, эҳтимол. Кимнингдир юзига лой чаплаш, туҳмат уюштириш, давлат хизматчисини обрўсизлантириш учун буюртма қилинмаганмикан, деган иштибоҳ ҳам йўқ эмас.


Балки бу мавзуни “қуйруқдан қуруқ қолган”, Eltuz мақоласида кимлиги мавҳум бўлган, “SS-LAB” МЧЖ раҳбарлари, Кун.уз мақоласида тилга олинган Ботир Исабеков яна вазиятни қўлга олиш учун кўтариб чиқаётгандир. Савол бор, жавоб йўқ!


Нима бўлганда ҳам ҳар бир журналистик материал холислик ва ҳақиқат томонида туриши, кимларнингдир ноғорасига уйнайдиган қуролга айланиши, Давлат ва халқ манфаатларида қарама-қаршилик пайдо қилиши керак эмас.

Одилжон Турдиев