Ўзбекистон халқаро рейтингда авторитаризм кучайган давлатлар қаторидан жой олди

Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича Freedom House халқаро ташкилотининг янги рейтингида Марказий Осиёнинг барча бешта давлати “авторитаризм кучайган” давлатлар қаторидан жой олди. Бу ҳақда ташкилот сайтида келтирилган.

Рейтинг муаллифларига кўра, рўйхатдаги Беларусь, Озарбайжон, Россия ва Марказий Осиё давлатларининг ҳукуматлари ҳар қандай давлатнинг аҳолининг жисмоний хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича асосий мажбуриятидан воз кечиб, кўплаб фуқароларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид солмоқда.

Шунингдек, рейтингда кўришимиз мумкинки, Ўзбекистоннинг демократия даражаси Россия ва Беларусь каби давлатлардан юқорироқ даражада қайд этилган. Аммо бу рейтингда Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлардан орқада қолган.

Рейтингда 29 давлатдан саккизтаси энг ёмон “ўрнашиб қолган авторитар” тоифасида қолган.

Freedom House йиллик ҳисоботида Европа, Болқон ва Евроосиёдаги собиқ коммунистик лагерь мамлакатларидаги демократия даражасини баҳолайди.

Вазият миллий демократик бошқарув, сайлов жараёни, фуқаролик жамияти, мустақил оммавий ахборот воситалари, маҳаллий демократик бошқарув ва коррупция каби тоифаларда баҳоланади. Ҳар бир тоифа 1 дан 7 гача бўлган шкала бўйича баҳоланади, ўртача 7 балл энг юқори ва 1 энг паст ҳисобланади.