“Давлат органлари ва таълим муассасаларида коррупцияга қарши таълим ва ҳалоллик тизимини яратиш” лойиҳа натижалари тақдимот қилинди


Бугун, 26 май куни Адлия вазирлигида Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва КПМГ Аудит” (Ўзбекистон) компанияси экспертлари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини янада оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.


Шунингдек, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисобдор ва шафоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси кўмагида “КПМГ Аудит” (Ўзбекистон) компанияси экспертлари иштирокида амалга оширилган “Давлат органлари ва таълим муассасаларида коррупцияга қарши таълим ва ҳалоллик тизимини яратиш” лойиҳаси якунланганлиги ва лойиҳа натижасида тайёрланган ўқув материаллари ва модуллари тарқатилди.


Таъкидлангандек, ушбу лойиҳа давлат хизматчилари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари ҳамда таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабаларида ҳалолликни мустаҳкамлаш ва коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган. Лойиҳа доирасида таълим соҳасидаги турли мақсадли гуруҳлар учун коррупциянинг олдини олиш бўйича ўқув дастурлари, коррупцияга қарши курашнинг замонавий механизмлари, мансабдор шахслар ва давлат муассасалари ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий билимини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар ходимларини коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитиш бўйича ўқув курслари ишлаб чиқилди.


Хусусан, мактабгача таълим муассасаларида болаларни коррупцияга қарши тарбиялаш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилган. Ушбу қўлланма 3 та боб ва 6 та қисмдан иборат бўлиб, коррупцияга қарши таълим ва коррупцияга қарши дунёқарашни шакллантиришга қаратилган. Маълумотлар, шунингдек, тарқатма ва видеоматериллар шаклида мавжуд. Қўлланма мактабгача таълим муассасасида болалар онгида коррупцияга қарши кўникмаларни шакллантиришда, уларни ҳалол ва номусли, коррупция каби салбий ижтимоий ҳодисага нисбатан муросасизлик руҳида тарбиялашда тарбиячилар учун кўмакчи бўлади.