Икки вилоятда ер майдонлари олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди



Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд вилояти бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда “U.S.” МЧЖ савдо комплекси назоратчиси Ғ.М. тадбиркор А.Э.нинг ишончига кириб, унга ушбу савдо комплекси ҳудудидаги 60 кв метр бўш ер майдонини фирибгарлик йўли билан 40 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 30 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар М.А. ва С.Х. фуқаро И.Д.нинг ишончига кириб, унга Хўжаобод тумани ҳудудидан 1 гектар ер майдонини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 14 000 АҚШ доллари ва 91,6 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.