Бухорода 5 та археологик ёдгорликка зарар етказилган

Бош прокуратура томонидан ўтказилган текширувлар натижасида Бухоро вилоятининг Ромитан туманида жойлашган 5 та археология ёдгорликка турли сабабларга кўра 291,4 млрд сўмлик жиддий шикаст етказилгани аниқланди.

Хусусан, ноқонуний қазиш ва бузиш ишлари олиб борилгани сабабли, ўрта асрларга оид «Тепа 9» археология мероси объектига 269,6 млрд сўмлик, «Қалаи Муллабектепа» ёдгорлигига 19,7 млрд сўмлик, «Амиртепа» ёдгорлигига 1,1 млрд сўмлик, «Хўжа Ҳаққитепа» ёдгорлигига 832 млн сўмлик ва «Тепа-5» ёдгорлигига 202 млн сўмлик зарар етказилган.

Хабарда ёдгорликларга зарар келтирган шахслар ёки ташкилотлар ҳақида маълумот берилмаган.

Бухоро вилояти прокуратураси хабарига кўра, аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.