Навбатга онлайн ёзилиш мумкин
Фуқаролар нотариусга бормасдан ҳам, масофадан “e-notarius.uz” портали орқали зарур ҳужжатларни онлайн юбориш, нотариус қабулига ўзлари учун қулай бўлган пайтда ёзилиш имконига эга. Шунингдек, энг яқин ҳудуддаги нотариусни топиш, нотариал соҳада қизиқтирган хизматлар бўйича маълумот олиш, олди-сотди, айирбошлаш ёки ҳадя этиш учун электрон аризалар топшириш, хизмат кўрсатган нотариус ҳақида ўз фикрларини қолдиришлари мумкин.
Айрим ҳужжатларни нотариуслар ўзлари йиғади
Нотариал идорада электрон ҳужжат алмашиниш тизими яратилган бўлиб, бу фуқароларни кўплаб ҳужжатлар йиғишдан озод этади, бу ишларни нотариуслар саноқли дақиқаларда онлайн тарзда амалга оширади. Масалан, коммунал тўловлар ҳақидаги маълумотлар, тақиқ бор-йўқлиги, ФҲДЁ базасидан никоҳи бор-йўқлиги текширилиши мумкин.
Тўлов тўлангандан кейин SMS келиши шарт
Шунингдек, бугунги кунда нотариус хизматлари учун давлат божи, пуллик хизмат ва бошқа тўловлар электрон тизим орқали амалга оширилмоқда. Мижозга мобиль алоқа орқали SMS хабар юборилади. Хабарда нотариал ҳаракатлар учун мижоз томонидан амалга оширилган тўловнинг аниқ миқдори кўрсатилган бўлади. Бу эса, тўловларнинг 100 фоиз давлат ҳисоб рақамига ўтказилишини кафолатлайди. SMS-хабар мижоз тўлаган пулнинг қонуний миқдорини яна бир марта текшириш ва хотиржам бўлиш имконини беради.
Айрим хизматларни исталган нотариал идорадан олиш мумкин
Жисмоний ёки юридик шахс нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақли. Аммо мерос билан боғлиқ нотариал ҳаракатлар, пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш, чекни тўловга тақдим этиш ва чекнинг тўланмаганлигини тасдиқлаш каби нотариал ҳаракатлар бундан мустасно.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро шартномасида нотариал ҳаракатлар тўғрисида қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида халқаро шартнома қоидалари қўлланади. Бошқа барча ҳолларда экстерриториаллик тамойилига асосан нотариал ҳаракатлар амалга оширилади.
Нотариусларга онлайн савол йўлласа бўлади
Ҳатто шанба-якшанба кунлари ҳам нотариуслар ишлайди. Бу ҳақдаги маълумот @notariusmaslahati телеграм каналида эълон қилинади. Шунингдек, нотариал соҳага тааллуқли барча саволларга ҳам юқоридаги канал орқали жавоб бериб борилади. Хизматлар бепул.