Асраб олинган қизининг номусига теккан эркак 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Қашқадарёда асраб олган қизининг номусига теккани айтилган эркакка ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

6 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида судланувчи К. Т. (1971 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи туманидаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг раиси А. Ташев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра К. Т. Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми «а» банди ва эски таҳрирдаги (2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган) 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) га асосан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериши ёки протест келтириши мумкинлиги маълум қилинади, дейилади хабарда.

Изоҳ: Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари талабларига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ҳамда ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилмайди.