Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида «Туркий давлатлари ташкилотининг Турк Дунёси Университетлари Иттифоқи»нинг махсус йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъуллари, мамлакатимиз олий ўқув юртлари ректорлари, халқаро ташкилотлар, ташкилотга аъзо давлатлар, хусусан, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистондан 50 га яқин университет вакиллари ва экспертлар иштирок этди.
Йиғилишда нутқ сўзлаган Экология вазири Азиз Абдуҳакимов туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлаб, бу борада олий таълим муассасалари ректорлари фаоллик кўрсатаётганлигини алоҳида қайд этди.
Таъкидлаш жоизки, тадбирда Турк Дунёси университетлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, тажриба ва билим алмашиш, қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, олий ўқув юртлари ўртасида талабалар алмашинувини кучайтириш, амалиёт дастурларини яратиш ва юқори сифатли таълимни юзага келтириш учун ўқув стандартларини такомиллаштириш бўйича фикрлар алмашилди.
Бундан ташқари, йиғилишда турли мавзуларда тақдимотлар ўтказилиб, «Орхун» талабалар алмашинуви дастурининг ҳозирги имкониятлари ва муаммолари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Турк Дунёси Университетлари Иттифоқи кенгаши 2013 йилда ташкил этилган.