Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев Ички ишлар вазири Бобожоновга бир нечта таклифлар билан чиқди. Бу ҳақда ўзининг facebook саҳифасида ёзиб қолдирган.
«Ҳурматли Вазир! Ички ишлар тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг руҳий саломатлиги мени мутахассис сифатида жиддий хавотирга солмоқда. Милиционерлар томонидан ҳатто вақтинча қўлга олинган юртдошларимиз ёшига қарамасдан, жинсига қарамасдан, жамиятда эгаллаган мавқеига қарамасдан аёвсиз калтаклаб уриб ўлдирилмоқда. Энг ачинарлиси бундай вахшийликлар тез-тез рўй бермоқда ва бу ҳолат тўхтамаса ҳам керак. Руҳий соғлом шахс бундай қилмайди. Бунинг оқибатида юртдошларимиз айби аниқланмай туриб ўлдириб юборилмоқда ва Сизнинг ходимлар бир неча йилга қамалиб кетаяпти.
Нима қилмоқ керак? Сизга таклифларим:
1) Эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар барча Ички ишлар ходимларини тиббий-психологик экспертизадан ўтказиш керак. Бу ишни шу йил июн, июл ва август ойларида амалга ошириш керак.
2) Тиббий психологлар томонидан «Ходимларда ҳиссий портлаш синдроми». «Шизофрениянинг яширин белгилари», «Ички агрессияни енгиш усуллари», «Аффектив психоз», «Психопатия ва унинг аломатлари» каби мавзуларда Ички ишлар тизими ҳодимлари билан маҳорат дарсларини олиб бориш керак;
3) Бошқа давлатлардаги каби Куч ишлатар тизимлари учун махсус «Тиббий психологларни тайёрлаш маркази» ни яратиш лозим ва ИИВ, ДҲҲ, Миллий Гвардия, ФВВ учун «Тиббий (клиник) психолог» кадрларни кўплаб тайёрлашни йўлга қўйиш зарур. Бунинг учун 1 йиллик ўқув курслари ҳам етарли.
Ҳурматли Вазир! Менинг бу таклифларимни махсус гуруҳ тузиб ўрганиб чиқасиз, деган умиддаман, дея ёзган профессор.