«Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ–94-сон, 14.06.2023 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, Транспорт вазирлиги ҳузурида қуйидагилар ташкил этилди:
Транспорт назорати инспекцияси;
Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти;
Ўзбекистон Республикаси транзит салоҳиятини ривожлантириш идоралараро кенгаши.
Транспорт назорати инспекцияси автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги соҳаларида назорат функцияларини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Транспорт назорати инспекциясига ўз вазифаларини амалга ошириши учун қуйидаги ваколатлар берилади:
автомобилда юк ва йўловчи ташиш, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чораларини қўллаш;
автотранспорт воситасида юк ва йўловчилар ташиш қоидаларининг бузилиши визуал кузатув ёки махсус мослама ёрдамида аниқланганда, автотранспорт воситасини юк ва йўловчи ташишни назорат қилиш бўйича стационар ва мобил постларда текшириш учун тўхтатиш.
Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Эрон Ислом Республикаси ва Латвия Республикасидаги элчихоналарида транспорт масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади.
2023 йил 1 сентябргача жамоат транспортида ташувлар сифатини яхшилаш ва хизматлар жозибадорлигини ошириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида ташувчилар рейтингини жорий этиш юзасидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.