Бугун, 15 июнь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон баскетбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерацияга янги раис сайлаш кун тартибидаги асосий масала бўлди, дея хабар берди қўмита Матбуот хизмати.
Конференцияда транспорт вазири Маҳкамов Илҳом Рустамовичнинг номзоди Ўзбекистон баскетбол федерацияси раиси лавозимига таклиф этилди ва конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди. Шу тариқа Илҳом Маҳкамов Ўзбекистон баскетбол федерацияси раиси этиб сайланди.
Маълумот учун, Илҳом Маҳкамов 1979 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Узоқ йиллардан бери коммунал соҳада, хусусан, “Ўзкоммунхизмат” агентлигининг бош директори, Вазирлар Маҳкамаси Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимларида ишлаган. 2021 йилдан транспорт вазири сифатида фаолият юритяпти.