2023 йил 16 июн куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Uzbekistan Airways 18-Аirbus A320neo ҳаво кемаси учиб келди.
Uzbekistan Airways авиакомпанияси 18 Аirbus A320neo ҳаво самолётини қабул қилиб олди. Янги авиалайнер ишлаб чиқарувчининг Тулузадаги заводида Uzbekistan Airways компаниясига топширилди. Анъанага кўра, янги самолёт сув аркасидан ўтди.
Авиалайнер Тошкентга Ўзбекистон Республикаси миллий авиаташувчиси ва Аirbus концерни ўртасидаги 30 йиллик ҳамкорлик кунида келди.
Бундан роппа-роса 30 йил олдин, 1993 йил 16 июнда Uzbekistan Airways Аirbus А310 русумидаги биринчи самолётини кутиб олган эди. Айнан шу кундан бошлаб авиакомпания паркини Ғарбда ишлаб чиқарилган ҳаво кемалари билан янгилашни бошлади.
Аirbus А310 кўп йиллар давомида миллий авиаташувчининг халқаро йўналишларида муваффақиятли хизмат қилган. Унинг келиши билан учувчилар ва борткузатувчиларни тайёрлашга ёндашув бутунлай ўзгарди, авиация таъмирлаш заводи ғарбда ишлаб чиқарилган авиалайнерларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ўзлаштиришни бошлади. Ушбу ҳаво кемаси 1995 йилда биринчи марта Тошкент-Ню-Йорк-Тошкент трансконтинентал рейсини амалга оширганди. Вақт ўтиши билан Uzbekistan Airways янада тежамкор Аirbus А320/321 ҳаво кемаларидан фойдаланишни бошлади. Бугунги кунда авиакомпания паркида 29 та йўловчи ва юк ташувчи ҳаво кемалари парвозларни амалга оширади, улардан 17 таси Аirbus концерни томонидан ишлаб чиқарилган.
Бу йил биз жами 5 та янги Аirbus A320neo ҳаво кемаларини қабул қилиб оламиз. Бизнинг йўловчиларимизга ушбу турдаги қулай, паст шовқинли, замонавий интерер ва мукаммаллаштирилган кондиционер тизимига эга авиалайнерлар аллақачон манзур бўлган. Қайд этиш жоизки, Аirbus A320neo ёнилғи сарфини тежаш ва узоқ масофага парвоз қила олиши бўйича олдинги авлод ҳаво кемаларига қараганда самаралироқ ишлайди, — дейди Uzbekistan Airways АЖ Бошқарув раиси Шухрат Худайқулов.
Янги авиалайнер 186 та эконом класс йўловчиларини ташишга мўлжалланган. Авиакомпания Бошқаруви раиси бунинг сабаби Ўзбекистондан авиаташувларга жиддий ортиб бораётган талабни қондириш учун мўлжалланганлигини, бироқ жорий йил охиригача барча самолётлар қабул қилингандан сўнг икки классли, яъни, эконом ва бизнес классли ҳаво кемаларига ўтказилиши режалаштирилганлигини ҳам айтиб ўтди.
Аirbus A320neo ўз синфидаги энг шовқинсиз авиалайнер ҳисобланади. Учиш жараёнидаги товуш тарқалиши даражаси олдинги авлод ҳаво кемаларига қараганда 50%га пастроқ. Бундан ташқари, ушбу турдаги ҳаво кемасида кондиционер тизими ҳам мавжуд. У ҳар икки дақиқада ҳавони тўлиқ янгилайди ва унинг бутун салон бўйлаб бир текис тақсимланишини таъминлайди.
Uzbekistan Airways янги ҳаво кемасини Тошкент ва республика минтақаларидан монокласс тартибидаги парвозлар учун бир қатор йўналишларда фойдаланишни режалаштирмоқда. Янги авиалайнер Uzbekistan Airways компаниясининг узоқ йиллик ҳамкори BOS Aviation томонидан узоқ муддатли лизинг шартлари асосида етказиб берилди.