“Маърифат” тарғиботчилари “Ёшлар ойлиги” доирасида Самарқанд шаҳрида маърифий тадбирлар ўтказишда давом этмоқда.
Хусусан, бир гуруҳ тарғиботчилар томонидан Пастдарғом туманидаги 65-сонли мактабда “Маърифат соати” ташкил этилди.
Унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари сиёсий фанлари доктори профессор Нарзулла Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Толиб Хожиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бўлим бошлиғи Фароғат Худойқуловалар иштирок этди.
“Самарқанд азалдан цивилизация маркази бўлган. Шу сабаб бўлса керак бу вилоятдан зиёлилар, олимлар, умуман жамият ривожига ҳисса қўшадиган инсонлар кўп етишиб чиқади.
Шундай экан ёшлардан бунга муносиб бўлиш талаб этилади. Яъни самарқандлик бўлиш ҳам масъулият, ҳам имкониятдир. Тўғри замон ўзгармоқда. Кечаги кун талаби бугунга мос келмаслиги мумкин. Энди ёшларга қарата тоғангдан ёки акангдан ўрнак олсанг бўлмайдими, деб сўраш хато. Зеро, бугун ўрни келганда ёшлардан ўрганаётганимиз ҳам йўқ эмас.
Дейлик, IT ёки СММ каби замонавий касблар кўпаймоқда. Лекин бир нарсани унутмаслик керак, тарихсиз келажак бўлмайди. Тарих, она тили, адабиёт кабиларни билмаган авлод ўз соҳасида билимли бўлиши мумкиндир, бироқ савод борасида уялтириб қўйишяпти”, деди Толиб Хожиев.