1990 йилда Шароф Бошбеков асари асосида суратга олинган «Темир хотин» фильми орадан 33 йил ўтиб, қозоғистонлик киноижодкорлар томонидан замонавий шаклда қайта жонлантирилди. Бугун кичик доирада киноижодкорлар ва журналистлар учун фильм юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
Бош ролларни машҳур ва маҳоратли қозоқ актёрлари Куандик Шакиржонов, Жулдиз Абдукаримова, Абунасир Сериков, Рауан Романи, Гулмира Жакилина, Самал Нурбаева ижро этган. Фильмга Мақсад Султонов бош режиссёрлик қилган.
Фильмни ўзбек тилига Фаррух Жабборов ва Иқбол Қўшшаева таржима қилган. Овозлаштиришда эса таниқли ва маҳоратли ижодкорларимиз Муҳаммад Исо Абдулҳайиров, Дилноза Кубаева, Мирзабек Ҳолмедов, Муқаддас Холиқова, Алишер Узоқов, Саида Раметовалар иштирок этишди.
Муҳокамада ғоянинг туғилиши, фильм муваффақиятини таъминлаган Мурод Ражабов ролининг ўзига хослиги ҳақида алоҳида гапирилди. Янги талқиндаги «Яп- янги Аломатхон» ҳам марҳум актёрнинг хотирасига бағишланган. Муҳокамада Мурод Ражабовнинг турмуш ўртоғи ҳам иштирок этиб, фильмда кўтарилган мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва хотиралари билан бўлишди. Қозоқ ижодкорлари янги талқиндаги фильмни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ва яқиндан ёрдам берган ўзбекистонлик ҳамкасбларига миннатдорчилик билдиришди.
Фильмнинг катта экрандаги намойиши куз ойларига мўлжалланган.