Россияда Telegram 4 млн рубль жаримага тортилди

Россияда суд Telegram мессенжерини мамлакат қуролли кучларининг Украина уруши ҳудудидаги ҳаракатлари тўғрисида “фейк маълумотларни” тарқатган 32 та канални ўчириб ташламагани учун 4 миллион рубль (47,5 минг доллар) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

“Telegram Messenger Inc. компанияси Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 13.41-моддаси 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб топилиб, 4 миллион рубль миқдорида маъмурий жаримага тортилсин”, дейилади хабарда.

Маълумот учун Россия прокуратураси талаби билан Роскомнадзор томонидан Telegram’га 32 та канал, жумладан, “Озодлик радиоси”, “Дождь”, “Медуза”, “Кавказ реалии”, “Сибирь реалии” кабиларни ўчириш бўйича сўров юборган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилияда суд қарорини бажармагани учун Telegram мессенжери 1,2 миллион реал (тахминан 237 минг АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилганди. Шунингдек, яқинда Бразилия ҳукумати томонидан Telegram’га эгалик қилувчи компанияга юборилган тармоқдаги неонацистлар ҳақида маълумот беришни сўраб жўнатилган мурожаат жавобсиз қолгани сабаб мазкур мамлакатда платформа блокланганди.