2023 йилда олий таълим муассасаларига кириш квоталари оширилди. Бу ҳақда АОКАда ўтган матбуот анжуманида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департаменти бошлиғи Абдували Холиқов маълум қилди.
Бу йилдан бошлаб тўлов-контракт асосидаги кўрсаткичлар академик молиявий мустақиллик берилган ОТМлар кузатув кенгашларининг қарорлари билан, молиявий мустақиллик берилмаган ОТМлар ўзининг васийлик кенгашининг қарори ва Молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.
Жорий ўқув йилида ОТМларга ўқишга қабул қилишда жами 206 857 нафар (43 783 та грант, 163074 та тўлов-контракт ўрни) талаба учун ўрин ажратилади. Шундан:
- бакалавриат учун кунудузги таълим шаклига — 126 714 нафар (34 860 та грант, 91 854 та контракт);
- сиртқи таълим шаклига — 49 063 нафар (тўлиқ контракт);
- кечки таълим шаклига — 11 125 нафар (контракт);
- масофавий таълим шаклига — 2825 нафар (контракт);
- магистрлар тайёрлаш бўйича — 17130 нафар (8923 та грант, 8207 та контракт) ўрин белгиланган.
Республикада фаолият юритаётган хорижий ОТМ ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат ОТМларда кадрлаш тайёрлаш учун 1000 та давлат гранти ажратилади.
«Ўтган йилга нисбатан контракт квоталари миқдори 1 фоизга, грант 10 фоизга ошган. Бу йил 10 фоиз кўпроқ ёшларнинг грант асосида ўқишига имконият яратиляпти. Бу ҳам ёшларга қўшимча берилган имконият», — дея таъкидлади Абдували Холиқов.