Ҳар қандай таназзул асосида маънавиятсизлик ва ахлоқсизлик ётади — Нарзулла Жўраев



Хабарингиз бор, Ўзбекистон бўйлаб “Ёшлар ойлиги” доирасида маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан мазкур ойлик муносабати билан бир гуруҳ “Маърифат” тарғиботчилари Андижон вилоятига ташриф буюришди. 

Ҳар галгидек тарғиботчиларнинг илк тадбири “Китоб карвони” лойиҳаси бўлди. Ундан 3 мингдан ортиқ китоблар жой олган бўлиб, вилоятдаги олий таълим муассасаларига етказилади. 

Тадбирда “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзоси, профессор Нарзулла Жўраев маънавиятсизлик сабаб юзага келадиган фожиаларга тўхталиб ўтди. 

“Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, ҳар қандай тараққиёт асосида маънавият ётади.

Ҳар қандай таназзул асосида эса маънавиятсизлик ва ахлоқсизлик ётади.

Андижон жуда катта тарихга эга. У Ўзбекистоннинг улкан маънавиятга эга муҳим қисми ҳисобланади. Бугун биз ана шу маънавиятни ёшларнинг нигоҳларида кўриб турибмиз. Зеро, ёшлар, сизлар буюк келажакда яшашга ҳақлисиз ва уни биргаликда қурамиз”, деди профессор.