Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Қоранкўл” маҳалласида жойлашган хонадонларга ўт кетди. Тўртта хонадоннинг 2 таси буткул ёниб кулга айланган бўлса, 2 та хонадон қисман ёнган, дея хабар бермоқда “Дарё”.
Аниқлик киритилишича, воқеа 2023 йилнинг 1 июль куни тонгги 04:00 да содир бўлган.
Ўша куни ғафлат босдими, телефоним “будилниг”и жирингласа-да, ўчириб, яна беш дақиқа ухлай дебман-да. Шундан сўнг 5 дақиқа ётдимми ёки 10-15 дақиқами билмайман, тонгги 4 лар атрофи экан ўғлим “Ойи туринг, туринг, пастдаги уйимиз ёниб кетди”, деди. Ўрнимда туриб, ҳовлига югуриб чиқсам, қўшнимиз уйидаги “пекарний”дан олов ёниб, осмонга тутун кўтарилаётган экан. Уйга югуриб кириб, набирамни излай бошладим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмади, фақат набирамни изладим. Кейин билсам, набирамни келиним оёқяланг югуриб, кўчага олиб чиққан экан. Кўчага чиқсам, келиним набирамни олиб, у ёқдан бу ёққа югуриб, ёрдам сўраб юрибди, — дейди уйи ёниб кул бўлган Анаржон Ўсарова.
Хонадон эгасининг айтишича, ёнғин пайтида у ва келини қўрққанидан ҳушини йўқотган. Унинг тахминича, олов қўшни хонадондан чиққан.
Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев уйи ёнган фуқаролар билан учрашиш мақсадида Бўстонлиқ туманининг “Қоранкўл” маҳалласига борган.
Вилоят раҳбарининг маълумот беришича, уйи буткул ёнган хонадон вакилларига вилоятдан 20 миллион сўм, тумандан 15 миллион сўм, жами 35 миллион сўмдан ёрдам берилган. Уйи қисман ёнган хонадон вакилларига эса 16 миллион сўмдан ёрдам пули берилган.
Аниқланишича, уйи буткул ёнган хонадон вакилларидан бирига контейнер уй берилган бўлса, яна битта хонадон вакиллари яқин қариндошларининг уйида истиқомат қилмоқда.